ЎЗБЕКЛАР ВА ТОЖИКЛАР – АБАДИЙ БИРОДАРЛАР. Ӯзбекистон Президентининг бўлажак ташрифи арафасида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори Абдусаид КЎЧИМОВ ва Тожикистон Миллий ахборот агентлиги – “Ховар” директори Саидали СИДДИҚ мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди

Июнь 5, 2021 09:44

ДУШАНБЕ, 05.06.2021/ТМАА «Ховар»/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан келаётган ҳафтада расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг Президент лавозимидаги Тожикистонга тўртинчи ташрифи. Сўнгги марта давлатимиз раҳбари Душанбега 2019 йилда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун ташриф буюрганди.

Ӯзбекистон Республикаси Президентининг бўлажак ташрифи арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори Абдусаид КЎЧИМОВ ва Тожикистон Миллий ахборот агентлиги – “Ховар” директори Саидали СИДДИҚ мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

А.Кўчимов: – Ҳурматли Саидали Ражабали, мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очилган кунларни яна бир бор эсга олсак. Маълумки, 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасига илк давлат ташрифи билан борган эди. Ушбу ташриф икки мамлакат тарихида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

С.Сиддиқ: – Бу чиндан ҳам тарихий воқеа бўлди, негаки Ўзбекистон давлат раҳбари қарийб 20 йилда илк бор мамлакатимизга давлат ташрифи билан келди.

А.Кўчимов: – Мазкур ташрифга Ўзбекистонда алоҳида тайёргарлик кўрилганди. Президентимиз Душанбега боришидан олдин икки мамлакат ўртасида кўп йиллардан бери ечилмай, газак олиб ётган кўплаб муаммолар ўзаро мулоқот, бир-бирини тушуниш ва манфаатларини ҳурмат қилиш асосида кетма-кет ечилди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлатлараро чегараларни делимитация қилиш масалалари тўлиқ ҳал этилди. Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида авиаташувлар, темир йўл қатнови қайта тикланди. Самарқанд – Панжикент оралиғида А-377 халқаро автомобиль йўли очилди. Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасида ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади, бу чин маънода биродар халқларимизнинг байрамига айланиб кетди.

С.Сиддиқ: – Бундан олдинроқ, 2017 йил март ойида Душанбе шаҳрида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доира вакилларининг бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилганди. Ушбу тадбирлар минг йиллардан буён ёнма-ён яшаб, борди-келди қилиб келган, дини, урф-одатлари муштарак халқларимизнинг мустақилликдан сўнгги илк учрашуви бўлганди гўё.

А.Кўчимов: – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўришга келган душанбеликлар ҳайрат ва ҳавас билан бизнинг маҳсулотларимизни томоша қилгани, ён қўшнимиз шундай ютуқларга эришяптими, музлаткичлар, телевизорлар, мобиль телефондан тортиб енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникаларни ишлаб чиқараяптими, деган дил изҳорларини интернет орқали ўқигандик, ўзимиз ҳам ёритгандик.

С.Сиддиқ: – Бу тадбирни яхши эслайман. Сўнг Президентимизнинг ташрифи чоғида Тошкентда ҳам “Тожикистонда ишлаб чиқарилган” номли худди шундай кўргазма ташкил этилиб, унга ташриф буюргандик. Кўргазмада мамлакатимизнинг 60 дан зиёд йирик саноат корхоналари, шу жумладан, “Талко”, “Гаюр цемент”, “Моҳир цемент”, “Фароз”, “Шири Душанбе”, “Ангишт”, “Намаки Ашт ва Хожимўмин”, “Қолинҳои Қайроққум”, “Амири”, “Маколли”, “Оби зилол” каби компаниялар ҳамда металлургия, озиқ-овқат, машинасозлик, мудофаа, кимё, кўмир ва енгил саноат тармоқларидаги йирик корхоналарнинг маҳсулотлари намойиш этилган.

А.Кўчимов: – Бугун бу гапларни айтиш осондай туюлади. Лекин бир дарёдан сув ичиб, ёнма-ён яшаб келган икки халқнинг чорак аср борди-келди қилмагани ортидан бегонадай бўлиб қолгандик.

С.Сиддиқ: – Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи азобли: қачонлардир бир-бирининг борлиғи бўлган одамлар бир зумда бегона бўлиб қолишлари мумкин экан. Ҳозир Рудакий деб номланадиган Ленин туманимизда кўплаб ўзбеклар тотувликда яшаган ва яшайди. Айний темир йўл станцияси (Душанбега яқин) олдида жойлашган, мен туғилиб ўсган Новобод қишлоғимизда қаршиликлар яшайди. Биз бир мактабда ўқиганмиз, биз тожик синфларида, улар эса ўзбек синфларида. Бироқ, ҳеч қачон бир-биримизни бегоналардек ҳис қилмаганмиз.

А.Кўчимов: – Бизда ҳам шундай бўлган. Мен Тожикистон билан чегарадош Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилганман. У ерда тожиклар кўп бўлган. Ҳар бир тўйда тожик қўшиқ-куйлари жаранглаган. Умуман олганда, биз, ўзбек ва тожикларнинг фақатгина менталитетимиз бир хил эмас, кўшиқларимиз ҳам жўр бўлиб жаранглайди, чунки оҳангдошлиги ҳам бир-бирига ўхшаш… Масалан, “Шашмақом”ни олайлик. Тожикчадан таржима қилганда, “Олти мақом” деган маънони англатади. Бу куй бошланганда, у ўзбек тилида ижро қилинадими ё тожик тилидами, буни олдиндан билиш қийин.

С.Сиддиқ: – Нафақат мусиқамизда, балки расм-русумлар ва диний маросимларимизда ҳам кўплаб умумий жиҳатлар бор. Бизни муштарак тарихий тақдир, дин, ўхшаш маданий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштиради, таомларимиз, кийимларимиз ҳам деярли бир хил. Бошқа миллат вакиллари одам гавжум жойда ташқи кўринишдан тожик билан ўзбекнинг фарқига боришга қийналади. Ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам бир-бирининг бой маданий меросининг неъматларидан фойдаланади.

Буларнинг барчаси мустақиллигимизнинг илк йилларида унутилгандек гўё. Чегара ёпилди, одамлар эса чегаранинг икки томонида яшайдиган қариндошлариникига бора олмасди.

А.Кўчимов: – Ўзбекистонлик тадбиркор ёнида харидор бўла туриб, ўз маҳсулотига узоқдан мижоз ахтаришга мажбур эди. Ўйлайманки, Тожикистонда ҳам ўз маҳсулотини сотишда шундай муаммо эди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгандан сўнг ўзаро муносабатлардаги музлар эриди, халқларимиз бир-бири билан яна топишди. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг мана шу 4-5 йил ичида ўзаро муносабатларда эришган ютуқларини бошқа мамлакатларга бемалол намуна қилиб кўрсатса бўлади, буни халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Шундай эмасми?!

С.Сиддиқ:  Худди шундай!

А.Кўчимов:  Мен бежиз суҳбатимизни ўзаро алоқалар тарихида янги даврни очиб берган воқеалардан бошламадим. Маълумки, Марказий Осиё халқларининг тенг ярми Ўзбекистонда истиқомат қилади. Ўзбекистон ва Тожикистон нафақат географик жойлашувига кўра, балки тарихан ва тақдири чамбарчас боғлиқ мамлакатлар ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан бошлаб Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Тожикистон билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Шу жиҳатдан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил август ойида давлат мақомидаги Ўзбекистонга илк ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги яқин сиёсий мулоқотнинг давоми бўлганди. Сиз мамлакатингиз делегацияси таркибида бўлгансиз ва ташриф давомида икки мамлакат Президентлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва бошқа муҳим соҳалардаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга оид долзарб масалаларни муҳокама қилганини ўзингиз кўргансиз. Амалга оширилган улкан ва пухта ҳамкорликдаги ишлар самараси ўлароқ, мамлакатларимиз ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ўзаро муносабатларда янги давр бошланганидан далолат беради. Умуман олганда, музокаралар якунлари бўйича 28 та икки томонлама ҳужжат имзоланган эди.

С.Сиддиқ: – Ушбу ташрифдан кейин ҳам Президентларимиз турли халқаро саммитлар доирасида бир неча бор учрашди. Ўзбекистон Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) бешинчи саммити доирасида 2019 йил 14-15 июнь кунлари Душанбе шаҳрида бўлди. Давлатларимиз раҳбарларининг турли саналар муносабати билан ёки долзарб масалалар юзасидан телефон мулоқотлари доимий тус олди. Мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида делегациялар алмашинувлари мунтазам амалга оширилмоқда.

А.Кўчимов:  Бу Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўладиган даражага кўтарилганидан далолат беради.

С.Сиддиқ: – Ҳақиқатан ҳам, икки мамлакат ўртасидаги тожиклар ва ўзбекларнинг кўп асрлик дўстлигига асосланган ўзаро манфаатли муносабатлар сўнгги 4 йил ичида сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бугунги кунда Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда 70 дан ортиқ келишувлар имзоланган. Айни пайтда Тожикистонда ўзбек капитали, Ўзбекистонда эса тожик капитали иштирокидаги ўнлаб корхоналар фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри амалий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда бизнес- форумлар ўтказила бошланди, Тожикистон ва Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди.

А.Кўчимов: – Сўнгги йилларда маданий-гуманитар алоқалар ҳам фаоллашиб, бу халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Тошкентда Тожик миллий маданий маркази, Душанбеда эса Ўзбек миллий маданий маркази очилди. Икки мамлакатда ҳам дарслар ўзбек ва тожик тилларида ўтиладиган мактаблар, икки тилда чоп этиладиган газеталар фаолият юритади. Делегацияларнинг ўзаро ташрифлари, ижодий сафарлар ташкил этилмоқда, маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, анжуманлар ўтказилмоқда.

С.Сиддиқ: – Айтганча, яқинда, 19-22 май кунлари Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилди. Икки халқ вакиллари иштирокида концертлар, адабий учрашувлар ўтказиш анъанага айланди. Буларнинг барчаси яхши, албатта. Чунки маданият бу – умуман инсониятнинг ва алоҳида бир халқнинг энг юксак ютуғидир. Булар – моддий неъматлар, илмий-техник кашфиётлар, маънавий қадриятлар, адабиёт ва санъат асарлари ва бошқалар. Шунинг учун маданий алоқалар мамлакатларнинг ташқи сиёсий фаолияти механизмида энг самарали воситалардан бири ҳисобланади. Маданият, илм-фан, адабиёт, санъат, бу –  бутун инсониятнинг бойлиги, улар чегара ва миллий тўсиқ билмайди. Бунда бир-бирининг тарихи ва маданиятини эътироф этиб, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш жуда муҳим. Буни эса мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги маданий алмашинув таъминлаши мумкин.

А.Кўчимов: – Шу маънода, Душанбеда Алишер Навоий номидаги боғнинг очилишини ҳамда Самарқандда тожик ва ўзбек адабиётларининг буюк намояндалари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилишини мамлакатларимиз Президентларининг ҳурмат белгиси ва хайрли иши бўлди, дейиш мумкин. Бу воқеаларни тарихий деган бўлардим, бироқ бу нафақат тарихий, балки долзарб аҳамиятга эга, зеро, улар бизга ўзлигимизни эслатиб туради. Бугун уларни қайта тиклашимиз ва мустаҳкамлашимиз керак. Мен халқларимизнинг буюк вакиллари – Жомий ва Навоий, Мирзо Турсунзода ва Жалол Икромийнинг Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Зулфия билан дўстлиги, Лойиқ Шерали ва Эркин Воҳидовнинг яқинлигини назарда тутяпман.

С.Сиддиқ: – Эркин Воҳидов ўтган асрнинг 70-йилларида халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлиги ҳақида кўп ёзган. Унинг бизнинг сайтда ҳам эълон қилинган бир шеъри ёдимда. Унда шундай сатрлар бор:

Биз икки ёндош юртга,

Қадрдон жондош юртга,

Қадимдан қондош юртга

Фарзанд бӯламиз, дӯстим.

Тожикчага тўғридин-тўғри таржима қилинса, тахминан шундай бўлади:

Мо ба ду дӯсти ҳампаҳлӯ,

Қадрдону ҷон ба ҷони диёр,

Аз қадим ҳамхуни диёр

Фарзанд мешавем, дӯстам.

А.Кўчимов: – Бу шеърнинг номи “Тожик биродаримга” бўлиб, у Тошкентда, адашмасам 1985 йилда шоирнинг “Бедорлик” китобида чоп этилган.

Ҳозир сиз билан илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган ўзбек-тожик адабий алоқаларини ёдга олдик. Ушбу алоқалар турли шаклда намоён бўлиб, уларнинг бири, бу – икки тиллилик ёки зуллисонайн. Хабарингиз бор, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Аҳмаджон Ҳамди, Баҳриддин Азизи, Рашид Абдулло ва бошқалар ўз асарларини тожик ва ўзбек тилларида ёзган.

С.Сиддиқ:  Ҳа, шундай. Икки тиллилик натижасида шеъриятда ўзига хос “ширу шакар” (матн икки тилда ёзилган) шеърий жанри ривожланди. Масалан, шоирларимиздан бири шундай ёзган:

 “Азизам, хуш келибсиз!” – гуфтаму оғӯш бикшодам,

 Пас аз даҳсолаҳо аз дидани дидори ту шодам”.

 Маро гуфтӣ: “Қалай, яхшимисиз, дӯсти азизи ман?”,

 Ба хушнудӣ бигуфтам: “Ту ҳамеша дар дилу ёдам”.

А.Кўчимов: – Ажойиб! Шоирга ҳурматимни изҳор этаман! Буни чин қалбимдан айтяпман. Бу фақат ғоя ва мазмун эмас, балки адабиёт жанрлари ва шакллари ҳам долзарб бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Зеро, “ширу шакар” ҳозирги нотинч дунёда муҳим бўлган уйғунлик ва ҳамжиҳатликдаги ҳаётнинг рамзидир.

С.Сиддиқ: – Бугун ҳамжиҳатлик ва уйғунликка интилиш мамлакатларимиз раҳбарлари сиёсий курсининг асосий мазмуни ҳисобланади.

А.Кўчимов:  Икки мамлакат етакчиларининг аввалги ташрифлари ҳақида фикр юритдик. Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг қатъий сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари барча соҳада жадал ривожланиб бормоқда. Ушбу ижобий жараённи изчил давом эттириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Тожикистон Президентининг таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев келаётган ҳафтада мамлакатингизга расмий ташриф билан бориши режалаштирилган. Бўлажак ташриф давомида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг янги кун тартибини белгилаш, шунингдек, кўп қиррали алоқаларни йирик қўшма лойиҳа ва дастурлар асосида кенгайтириш мўлжалланмоқда. Тожикистонда ушбу ташрифга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

С.Сиддиқ: – Тайёргарлик авжида. Ҳозир Ўзбекистон Президенти расмий ташрифининг мазмуний қисми тайёрланмоқда. Айтганча, Бош вазирлар Қоҳир Расулзода ва Абдулла Ариповнинг яқинда бўлиб ўтган учрашувида бу ҳақда сўз юритилган эди. Олий даражадаги тадбирлар дастурини мазмунан бойитиш, шу жумладан, ташриф давомида имзоланиши кутилаётган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди. Шунингдек, учрашувда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига кириши учун қулай шароитлар яратиш орқали ўзаро савдони 2020 йилдаги 500 миллион доллардан яқин йилларда 1 миллиард долларгача ошириш бўйича чоралар муҳокама қилинди.

Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқи Завқизода ва Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ўртасидаги учрашув чоғида ҳам Ўзбекистон раҳбарининг бўлажак ташрифига тайёргарлик ҳақида маълумот берилган эди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Президентининг ташрифини ёритувчи журналистларни рўйхатдан ўтказиш бошланганини эълон қилди.

Дастурнинг маданий қисмига келсак, айни пайтда бизга Ўзбекистондан бир гуруҳ санъаткорлар келиши кутиляпти. Улар тожик ижрочилари билан бирга “Қоҳи Борбад” давлат мажмуасида Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари иштирокида бўлиб ўтадиган “Дўстлик кечаси” концертида иштирок этади.

А.Кўчимов: – Аввало савдо-иқтисодий алоқалар ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегациянинг шу йил 14-15 май кунлари Тошкентда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида иштирок этгани бундан далолат.

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо алмашинуви динамикасига назар ташласак, ижобий ўсишни кузатамиз. Пандемияга қарамай, ўтган йил савдо алоқалари изчил давом эттирилди. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми, хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 баробардан ҳам кўпайди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.

Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб боряпти. Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб бермоқда, Тожикистондан электр энергияси сотиб олиш ҳажми ортмоқда. Мамлакатларимиз транспорт ва халқаро транзит коридорларини ривожлантириш бўйича самарали ҳамкорлик қилиши мумкин.

С.Сиддиқ: – Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон Душанбеда ҳам, Тошкентда ҳам Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон учун ташқи сиёсатнинг асосий йўналиши бўлганини ва бўлиб қолишини таъкидлаган эди. Яъни, биринчи навбатда энг яқин қўшнилар билан муносабатларга эътибор қаратиш лозим. Бу муносабатлар самимий ва ишончли бўлиши керак ва биз бугун бунинг гувоҳи бўляпмиз.

Биз тожикларда “Аз хеши дур ҳамсояи наздик беҳтар” – “Яқин қўшни узоқдаги қариндошдан яхши” деган мақол бор. Зеро, бирон-бир қийинчилик туғилса, биринчи бўлиб айнан қўшни ёрдамга келади. Узоқдаги қариндош эса аксарият ҳолларда ёрдамга келишга улгурмайди.

А.Кўчимов:  Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2018 йили Тожикистонга давлат ташрифи чоғида “Қўшни Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки томонлама муносабатларни янада юксак даражага кўтариш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёрмиз”, деб таъкидлаган эди.

Россиянинг етакчи молия муассасаларидан бири “Совкомбанк” бош таҳлилчиси Михаил Васильев яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг янги йўлбарси” номли мақоласида шундай ёзади: “Осиё йўлбарслари” феномени аллақачон иқтисодиёт дарсликларидан ўрин олган. Осиё йўлбарсларининг биринчи тўлқини – Жанубий Корея, Сингапур, Тайвань ва Гонконг 1960-1990 йиллар оралиғида энг юқори чўққига кўтарилди. Бу мамлакатларда кузатилган жадал ўсиш 1998 йилда содир бўлган Осиё инқирозидан сўнг барқарорлашди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиш суръати бир неча йилдан буён 5 фоизни ташкил этмоқда ва бу шунчаки натижа эмас. Ўтган йили МДҲ мамлакатлари орасида коронавирус пандемиясига қарамай, ЯИМ ўсиши бўйича ижобий суръат қайд этган давлатлар сифатида фақат Ўзбекистон ва Тожикистон эътироф этилди”.

Айтингчи, Ўзбекистон ва Тожикистондаги иқтисодий сакрашни Сиз нимада кўраяпсиз ва уни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган омиллар ҳам борми? Агар бўлса, уларни ҳал қилиш бўйича қандай фикр, таклифлар билдирган бўлар эдингиз?

С.Сиддиқ: – Айрим майда бюрократизм ва жойларда ишлашни билмаслик ёки хоҳламаслик ҳолатларини ҳисобга олмаса, ҳамкорликни ривожлантириш йўлида жиддий тўсиқлар умуман йўқ, деб ҳисоблайман. Асосийси, мамлакатларимиз Президентлари ва ҳукуматларимиз ҳар қачонгидан ҳам муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага чиқаришни мақсад қилган. Академик Бобожон Ғофуров бир пайтлар ўзининг “Тожиклар” китобида ёзган халқларимиз тарихи ва маданиятининг яқинлиги ва ўхшашлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай асослар яратади.

“Совкомбанк” таҳлилчиси М.Васильевнинг сўзлари ҳақида гапирадиган бўлсам, у бундай фикрга далилларни таҳлил қилиш асосида келган, деб ўйлайман. Далиллар эса шундан далолат берадики, ҳақиқатан ҳам ўтган йили коронавирус пандемиясига қарамасдан Ўзбекистон ва Тожикистон МДҲда энг юқори иқтисодий натижаларга эришди. Мисол учун, Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) ҳисоботида айтилишича, Тожикистон ушбу банкка аъзо давлатлар орасида пандемия шароитида иқтисодий ўсишни кўрсатган ягона мамлакат бўлди.

М.Васильев биринчи ва иккинчи тўлқиннинг “Осиё йўлбарслари»ни мисол қилиб, “Энди учинчи тўлқининг вақти келди”, дейди. Дарҳақиқат, нега энди Ўзбекистон ва Тожикистон шу тўлқиннинг локомотиви бўлмаслиги керак? Ахир ҳозир иккала мамлакатда ҳам Жанубий Корея, Сингапур, Тайвань, Индонезия ва Малайзияларнинг порлаш вақтида бўлган барча имкониятлар бор – бой табиий ресурслар, инсон капитали, илғор ҳукуматлар, жадал иқтисодий ислоҳотлар ва илмий-техник тараққиёт, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш, барқарор жамият.

Михаил Васильев тўғри айтади, агар пандемия ва глобал инқироз каби кутилмаган вазиятларни ҳисобламаса, “сакраш” учун замин яхши тайёрланган. “Йўлбарс”ни тизимли секинлаштириши ёки тўхтатиши мумкин бўлган омиллар йўқ.

Давлатимиз раҳбари, миллат етакчиси Эмомали Раҳмон “Дунёда қилиб бўлмайдиган ҳеч нарса йўқ, хоҳиш бўлса бас” деган гапни тез-тез қайтариб туради. Менга унинг бу сўзлари жуда ёқади.

А.Кўчимов:  Мамлакатларимизнинг яқин ҳамкорлигини ахборот алмашинуви соҳасидаги алоқалар йўлга қўйилганида ҳам кўришимиз мумкин. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тожикистон раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида 2018 йил 17 август куни Тошкентда ЎзА ва “Ховар” ўртасида ахборот алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланган эди.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ҳамкорлик изчил давом этиб келаётганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. ЎзА деярли ҳар куни “Ховар” ахборот агентлиги орқали Тожикистон ҳаётига оид янгиликларни ёритиб бормоқда. Қолаверса, журналистларимиз жаҳоннинг турли минтақаларида юз бераётган воқеалар тўғрисида “Ховар”га ҳавола берган ҳолда мухбирларингизнинг таҳлилий материаллари ўзбекистонлик ўқувчиларга етказиб бераётганини айтишим керак. ЎзА сайтида бунинг учун “Ҳамкорларимиз хабарлари” махсус рукни ҳам ташкил этилган.

Сиз кўзга кўринган журналист, шу билан бирга Тожикистоннинг етакчи ахборот агентлиги раҳбари сифатида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги қайси давр, воқеаларни энг ёдда қоларли деб ҳисоблайсиз?

С.Сиддиқ:  Менимча, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари қайта тиклангани. Бу, юқорида таъкидлаганингиздек, халқаро кузатувчиларнинг шарҳида “кутилмаган муносабатлар”, “ёриб чиқиш”, “иқтисодий сакраш” каби таърифлар ишлатилишига сабаб бўлди. Шунингдек, давлатлар етакчилари бир-бирларига “азиз биродарим” дея мурожаат қилиши, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам асос бўлган юксак даражадаги самимий очиқ мулоқот бошланган кун. Тожиклар ва ўзбеклар – абадий биродарлардир! Ва бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан муҳрланади.

Ишончим комил, бир кун келиб, мамлакатларимиз шиддат билан ривожлана бошлайди, давлатларимиз етакчилари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев бунга интиляпти, улар бошчилигида ҳозир “Осиё йўлбарслари” деб аталаётган Япония, Сингапур, Малайзия ва бошқа давлатларда ўз вақтида рўй берган иқтисодий мўъжизани амалга оширамиз.

А.Кўчимов: – Шубҳасиз, ўзбек-тожик муносабатларидаги улкан ижобий ўзгаришларга оид кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ, эътиборингизни қаратмоқчи бўлган энг катта ютуқ бу – икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий ишлари нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистонда ҳам миллионлаб инсонлар қалбида илиқ туйғулар уйғотаётганидир, деган бўлардим. Муносабатларимизнинг муҳити ҳам тубдан ўзгарди. Илгари вазият асири бўлиб, йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган чегаранинг икки томонида яшаётган одамларнинг кайфияти ўзгарди. Бу муаммонинг туб илдизини англаш учун чегарадаги ўтказиш пунктлари очилган ва мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови тикланган вақтдаги одамларнинг юз-кўзидаги қувончни кўриш кифоя эди.

Суҳбатингиз учун катта раҳмат!

С.Сиддиқ: – Сизга ҳам раҳмат!

P.S. Мазкур мусоҳаба матни, шунингдек, Тожикистон Республикасининг ҳукумат нашриялари – «Жумхурият», «Халқ овози» ва «Народная газета» ва «УзА» сайти ҳамда Ӯзбекистон ҳукуматининг «Янги Ӯзбекистон», «Овози тожик» ва «Правда Востока» газеталарида тожик, ӯзбек ва рус тилларида ҳам чоп этилади.

                                                                     ЎзА . 5.06.2021

Июнь 5, 2021 09:44

Хабарҳои дигари ин бахш

ТАШАККУЛИ МАКТАБИ ЗЕҲНГАРОЁНАИ ИДОРАКУНӢ ДАР СИЁСАТИ ҶУМҲУРИИ ТОҶИКИСТОН. Мулоҳизаҳои докторони илми фалсафа Хайриддин Усмонзода ва Саидмурод Фаттоҳзода
Президенти Тоҷикистон: «Сарфакорона истифода бурдани обу неруи барқро дар тамоми фаслҳои сол, ҳатто дар тобистон қатъиян таъмин намоем»
Президенти Тоҷикистон: «Бояд ҳамеша сарҷамъ ва дар зери парчами миллиамон муттаҳид бошем»
ХАЙРУ САДАҚОТ – СУННАТИ НЕК. Андешаҳои вакили Маҷлиси намояндагон Файзулло Баротзода дар ин мавзуъ
Эмомалӣ Раҳмон: «Ба ҷойи намоишкориву исрофкорӣ мо бояд кӯшиш кунем, ки барои таълиму тарбияи фарзандонамон шароити беҳтарин муҳайё созем»
Сарвари давлат сокинони Тоҷикистонро ба роҳ надодан ба зиёдаравию исрофкорӣ ва намоишкориву риёкорӣ даъват намуданд
Эмомалӣ Раҳмон: «Анҷом додани хайру садақот ва саховат кардан анъана ва суннати нек мебошад»
МУҲАББАТ БА ВАТАН АЗ ИМОН АСТ. Андешаҳои раиси Шурои уламои Маркази исломии Ҷумҳурии Тоҷикистон Саидмукаррам Абдулқодирзода
МАЪРИФАТИ ҲУҚУҚӢ-МАСЪАЛАИ МУҲИМИ ЗАМОНИ МУОСИР. Андешаҳои профессор Махфират Хидирзода дар ин мавзуъ
Профессор Мурод Муродӣ: «Барои ислом худнамоӣ ва шуҳратпарастӣ бегона аст, мусулмони ҳақиқӣ амали хайрашро пинҳонӣ ба анҷом мерасонад»
Президенти Тоҷикистон: «Ҷашни Наврӯз ва истиқлолу озодӣ – ин ду мафҳуми барои ҳар яки мо азизу муқаддас аст»
«КАЪБА ЧӢ МЕРАВӢ, ДИЛЕРО ДАРЁБ…». Андешаҳо дар ҳошияи мулоқоти Президенти Тоҷикистон бо фаъолону намояндагони ҷомеа ва ходимони дин